ТОШКЕНТ, 18 дек – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Токио шаҳрида Япония ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Унда JETRO, JICA, JABIC, NEDO, JOGMEC, Mitsubishi, Itochu, Sumitomo, Marubeni, Isuzu каби корпорация ва компаниялар, молиявий тузилмалар раҳбарлари иштирок этди.
Учрашув аввалида 16 декабрь куни Токиода бўлиб ўтган Япония – Ўзбекистон бизнес форуми натижалари ҳақида ахборот берилди.
Президент Япония компаниялари ва молиявий тузилмаларини Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этишга таклиф этди.
“Япония – бизнинг стратегик шеригимиз. Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқлари ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича ҳамкорликда кўп ишлар қилинди. Биз бу алоқалар тарихида янги саҳифа очиш ниятида келдик. Савдо, энергетика, геология, кимё, транспорт, туризм, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш тармоқларида имкониятлар, янги лойиҳалар кўп,” – деди Шавкат Мирзиёев.
Япониялик тадбиркорлар Ўзбекистондаги ўзгаришларни юқори баҳолади. Валюта тизимининг либераллаштирилиши, виза олиш тартибининг соддалаштирилиши ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай имкониятлар яратганини таъкидлади. Улар Ўзбекистон президентининг расмий ташрифи икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янги мазмун билан бойитишига ишонч билдирди.
Учрашувда икки мамлакат компаниялари ва молиявий ташкилотлари ўртасидаги шерикликни янада ривожлантириш масалалари, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро товар етказиш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.