ТОШКЕНТ, 18 дек – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи дастури 18 декабрь куни тонгда Аичи префектураси губернатори Хидэки Омура билан учрашувдан бошланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Аичи префектураси ўртасида таълим ва маданият соҳасидаги самарали мулоқотлар йўлга қўйилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Инновациялар, саноат, қишлоқ хўжалиги ва қўшма агрокластерлар ташкил этиш, туризм, академик алмашинув соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва аниқ лойиҳаларни илгари суриш учун имкониятлар мавжудлиги алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон томонидан префектуранинг шериги этиб Тошкент вилояти белгиланди.
“Ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва Аичидан авиақатновларни йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқишга келишиб олинди”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташриф дастуридаги биринчи манзил - Нагоя шаҳрига келгани хабар қилинган эди.