ТОШКЕНТ, 14 дек - Sputnik. Қашқадарё вилояти Нишон туманида жойлашган "ENTER ENGINEERING PTE. Ltd" қурилиш компаниясининг 65 нафар ишчиси ёппасига овқатдан заҳарланди.
13 декабрь куни соат 8:30 дан 16:30 гача вилоят Юқумли касалликлар шифохонасига 9 нафар ва Нишон тез тиббий ёрдам илмий марказига 2 нафар ишчилар кўнгил айниши, қайд қилиш, ични тез-тез кетиши, тана ҳароратини кўтарилиши, совуқ қотиш каби касаллик белгилари билан мурожаат қилган. Ўтказилган тиббий кўрикдан сўнг, уларга гуруҳли овқатдан заҳарланиш "Ўткир гастроэнтерит" ташхиси қўйилган ва улар шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат бўйича Республика Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошчилигида штаб ташкил этилган, овқатдан заҳарланиш келиб чиқишига гумон қилинган таомдан истеъмол қилган ишчилар тузилган комиссия томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган.
2019 йил 14 декабрь соат 7:00 ҳолатида ўтказилган тиббий кўрик давомида яна 54 нафар ишчилар фаол аниқланиб шифохоналарга олиб келинган.
"Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 49 нафар, Республика тез тиббий ёрдам илмий марказий Қашқадарё филиали Токсикология бўлимида 10 нафар, Ғузор туман юқумли касалликлар шифохонасида 4 нафар, Нишон туман тез тиббий ёрдам бўлимида 2 нафар жами 65 нафар беморлар даволанмоқда. Беморларнинг 46 нафари аҳволи енгил, 19 нафари ўртача, оғир беморлар йўқ. Дори дармонлар захиралари етарли", - дейилган хабарда.
Беморлардан олинган намуналар ва заҳарланиш келиб чиқишига гумон қилинган таомдан олинган намуналарда лаборатория текширувлари давом этмоқда.
Таъкидланишича, мазкур вазият соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тўлиқ назоратга олинган.