ТОШКЕНТ, 10 дек – Sputnik. Келаётган парламент сайловида Россияда 8та турғун сайлов участкалари очилади, деди Ўзбекистоннинг Россиядаги бош консули Меҳриддин Хайриддинов, кеча Москвадаги элчихонада бўлиб ўтган Ўзбекистон Конституцияси куни ҳамда сайловларга бағишланган матбуот анжуманида.
Бош консул айтишига қарагандан ўтган сайловда Россия ҳудудида 2та сайлов участкаси фаолият юритган бўлса, ушбу сайловларда турғун сайлов участкалари сони 8та бўлади.
“Санкт-Петербург, Владивосток, Қозон, Екатеринбург, Ростов-на-Дону, Новосибирск шаҳарларида очилган янги бош консулхоналарда ҳамда Москвадаги элчихона ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналарида жами 8та сайлов участкалари очилади. Ундан ташқари бизда 12-18 декабр кунлари, Ўзбекистон фуқаролари оммавий яшайдиган ва ишлайдиган ётоқхоналар ва корхоналарда муддатидан олдин овоз бериш ташкил қилинади”, - деди Хайриддинов брифингда.
Бу сафарги сайловларга фуқаролар катта қизиқиш билдиришмоқда, сайлов комиссиясига олдиндан сайловчи сифатида рўйхатдан ўтиш имкониятлари ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда, - дейди бош консул.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий халқ депутатлари кенгашларига ягона сайлов куни - 22 декабрда белгиланган. Ушбу сайловларда бошқа ҳудуд ва чет эллардан вақтинча яшаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳам иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун улар сайловдан олдин сайловчилар ягона электрон рўйхатидан ўтишлари керак. Рўйхатдан онлайн ўтиш ҳам мумкин.