ТОШКЕНТ, 10 дек - Sputnik. Россия етакчиси Владимир Путин Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Россияга нисбатан қарорини сиёсийлаштирилган, деб атади. Бу ҳақда Р-Спорт хабар бермоқда.
Душанба куни WADA россиялик спортчиларни халқаро мусобақалар, шу жумладан, Олимпия ва Паралимпия ўйинларидан тўрт йилга четлаштирди. Фақатгина нейтрал мақомда мусобақада қатнашадиган "тоза" россиялик спортчилар бу мусобақаларга киритилади.
"Рим ҳуқуқи давридан буён шундай қоида бор <...> Жазо коллектив характерга эга бўлиши мумкин эмас ва маълум қоидабузарликларга алоқаси бўлмаган одамларга бу жазо тури таъсир этиши мумкин эмас - ва ҳамма буни яхши тушунади. Ўйлайманки, WADA мутахассислари ҳам буни тушунадилар", - деди Путин "норманд тўртлиги" саммити якуни бўйича ўтказилган матбуот-анжуманида.
Россия етакчиси сўзларига кўра, бу қарор замирида "спорт манфаати ва олимпия ҳаракатига умуман алоқаси бўлмаган, сиёсий тусга эга фикрлар ётибди".
"Юзада қалқиб турган, мен дарҳол кўрган нарса ҳақида айтмоқчиман - Россия миллий олимпия қўмитасига ҳеч қандай эътироз йўқ, эътироз йўқ экан, демак, мамлакат ўз миллий байроғи остида чиқиши керак. Олимпия хартияси шуни талаб этади", – деди президент.