ТОШКЕНТ, 10 дек – Sputnik. “Норманд тўртлиги” давлатлари раҳбарлари кеча Парижда бўлиб ўтган учрашувда Украинадаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича муҳим келишувларга эришдилар, РИА Новости хабарига асосан.
Улар, хусусан, 2020 йилнинг март ойига қадар Донбассда қуроллли кучларни тўлиқ ажратиш, 30 кун ичида яна 3та чегара-назорат пункти очиш, “Қизил хоч” жамиятига барча ҳибсда ушлаб турилган шахсларни кўздан кечиришга рухсат бериш ва йил охирига қадар иккала томондан ҳам барча асирларни барча асирларга алмаштириш ҳақида келишиб олишди.
Норманд тўртлигининг навбатдаги учрашуви яна 4 ойдан сўнг бўлиб ўтади. Унинг асосий мавзуси Донбассдан сайлов ўтказиш бўлади. Ушбу сайлов натижаларига кўра, Донбассга доимий равишда алоҳида мақом берилиши мумкин.
Россия президенти учрашув якунида Эммануэль Макрон ва Ангела Меркелга Европа барқарорлиги учун муҳим бўлган ушбу масалага жиддий ёндашаётганлари учун миннатдорлик билдирди. Владимир Путин фикрига кўра, Донбассда “илиқлик” содир бўлмоқда ва вазият тўғри томонга ривожланмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский Киев Парижда эришилган барча келишувларни бажаришга тайёр эканини, лекин Украина доимо унитар давлат бўлиб қолишини ва ҳеч қачон “федерация”га рози бўлмаслигини билдирди.