ТОШКЕНТ, 7 дек - Sputnik. Ўзбекистон бўйлаб "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар" миллий акцияси ўтказилади.
14 декабрь куни республиканинг барча ҳудудлари бўйлаб бир вақтнинг ўзида кенг жамоатчилик учун оммавий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Тадбир давомида таниқли инсонлар билан учрашувлар ташкил этилиб, сайловга тайёргарлик жараёнлари, қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида ахборотлар берилади. Шунингдек, мусиқий дастурлар ва турли викториналар ўтказилади. Сайловлар ҳақида барча маълумотлар содда ва тушунарли тилда аҳолига етказилади.
Қайд этилишича, айни дамда акция формати ишлаб чиқилмоқда. Шу боис “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати барча таклифлар учун очиқ бўлиб, барча манфаатдор вазирлик ва идоралар, бизнес вакиллари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари бевосита ҳамкорлик ўрнатишлари мумкин.
Тадбирларни янада самарали ўтказиш борасида фикр ва таклиф билдириш истагида бўлганлар “Юксалиш” УМҲ офиси ёки ҳудудий бўлинмаларига тақдим этишлари мумкин.