ТОШКЕНТ, 7 дек - Sputnik. АҚШ ҳукумати Amazon компанияси айрим хорижий филиалларини контрафакт (сохта) маҳсулот тарқатиш билан шуғулланувчи савдо майдонлари рўйхатига киритиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар қилди Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб.
Нашр маълумотларига кўра, тегишли чоралар АҚШ Савдо ваколатхонаси томонидан кўрилиши мумкин. Бу идора ҳар йили контрафакт товар ёки пират маҳсулотларини сотувчи ёки шундай савдога ёрдам берувчи савдо майдонлари рўйхатини эълон қилиб келади.
Таъкидланишича, рўйхат яқин бир неча ҳафта ичида эълон қилинади ва ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган. Нашр манбалари сўзларига кўра, ўтган йили бу ташаббус маваффақиятсизликка учраган.
Ўз навбатида онлайн-ретейлер дўконда контрафакт маҳсулот сотишни қатъий таъқиқлаши, дўкон, харидорлар ва брендлар ҳимояси учун каттагина маблағлар ажратиши ҳақида маълум қилган.
Бугунги кунда контрафакт маҳсулотлар савдоси билан шуғулланувчи компаниялар рўйхатига киритилган энг машҳур фирма - бу Taobao.com сайти бўлиб, у Хитойдаги энг йирик интернет-компания Alibaba Groupга қарашли, деб ёзади газета.
Amazon - жаҳондаги энг йирик онлайн-ритейлерлардан бири. Компания АҚШдан ташқари, Канада, Хитой, Бразилия, Япония ва Европа мамлакатларида фаолият кўрсатади. Amazon.com интернет-дўкони 1995 йилнинг июль ойида ишга туширилган. 2018 йил 30 июнь ҳолатига кўра, компания штат бирлиги 575,7 минг кишини ташкил қилган.