ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. Ўзбекистоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчиси Саид Рустамов қиролича Елизавета II га ишонч ёрлиқларини топширди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, расмий маросимдан кейин бўлиб ўтган суҳбатда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ва кенг қамровли ислоҳотлар мавзуси алоҳида муҳокама қилинган.
Мамлакатни модернизация қилиш жараёнларида Буюк Британиянинг илғор тажрибаси, айниқса таълим, парламентаризм, қонун устуворлиги ва банк-молия соҳаларидаги ютуқларидан фойдаланиш бўйича Ўзбекистон саъй-ҳаракати таъкидланди.
“Буюк Британия Қироличаси Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий мероси, аввало Самарқанднинг қадимий архитектураси ҳақида хабардорлигини намойиш этди”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, қиролича таълим соҳасини устувор ривожлантириш, жумладан, бошланғич синфлардан инглиз тилини ўргатишни жорий этиш борасидаги Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган ва ўзаро манфаатли барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини қўллаб-қувватлаган.