ТОШКЕНТ, 5 дек - Sputnik. Гулнора Каримованинг ҳибс муддати бешинчи марта узайтирилди, деб хабар қилди ўзининг Instagramида Имон Каримова.
Шу билан бирга, Гулнора Каримованинг қизи онасининг қамоқ жазоси муддати қачон, ким томонидан ва қанча муддатга узайтирилганлиги ҳақида аниқлик киритмаган.
"Ўтказилаётган терговнинг бош мақсади - Гулнора Каримовани барча эҳтимолий иқтисодий ва ижтимоий муаммоларда айбдор қилиш", - деб ёзади Имон.
Имоннинг сўзларига кўра, тез орада янги маълумотлар чиқиши кутиляпти.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил июль ойида iman.k17 аккаунтида Гулноранинг қамоқда сақланиши мавзусига доир маълумотларнинг чоп этилишига доир саволга жавобан Имон Каримова ушбу саҳифа ҳақиқатда ўзига тегишлилили, аммо хабарлар бошқалар томонидан тайёрланишини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг биринчи президенти қизи Гулнора Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Сал олдин Бош прокуратура Гулнора Каримованинг чет элдаги активларини қайтариш бўйича ишларни давом эттираётганини маълум қилган эди.
Бош прокуратура Гулнора Каримованинг 12 хорижий мамлакатда жами 1,5 миллиард доллар мол-мулки борлигини аниқлаган. Шундан энг каттаси қисми – 800 миллион долларлик мулк Швейцарияда сақланади.