ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали бошчилигидаги делегация аъзолари Tashkent city`да бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, меҳмонлар умумий майдони 43 минг квадрат метр бўлган Конгресс-холл, унинг 4500 кишига мўлжалланган анжуманлар зали, икки тарафлама учрашувлар учун хоналари, ресторан, кичик концерт зали ва дам олиш хоналарини кўздан кечирганлар.
Шунингдек, Tashkent City`даги “Тошкент планетарийси” ва “Мадам Тюссо” музейидаги муҳит ва шароитлар билан танишдилар.
Хабарда делегация аъзолари Tashkent city`нинг кечки, ёғдулар оғушидаги гўзал манзараси ва мусиқали фавворанинг ёқимли кўринишидан ҳам баҳраманд бўлгани айтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эмомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали Тошкентга келгани ва Тошкент шаҳар ҳокими ҳамда президент Шавкат Мирзиёев билан учрашгани хабар қилинган эди.