ТОШКЕНТ, 3 дек – Sputnik. Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда айрим постлар фаолияти қайта вақтинча қайта ташкиллаштирилмоқда деб изоҳ берди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишига кўра, ушбу постлар фаолияти қайта тикланиши нуфузли сиёсий ва байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида хавфсизликни таъминлаш масаласи билан боғлиқ.
“Фуқаролардан ушбу хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга оширилаётган муҳим вазифаларни тўғри қабул қилишларини ҳамда ижтимоий тармоқларда турли номақбул фикрларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз”, — дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Фарғона—Водил”, “Фарғона—Аввал” ва яна бир постлар фаолияти қайта тиклангани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.
Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги қарорига мувофиқ, республика ҳудудида мавжуд бўлган 133 та йўл-патрул хизмати стационар постлари ва патрул-пост хизмати постларидан 74 тасининг фаолияти тугатилиб, 59 таси қолдирилган эди.