ТОШКЕНТ, 2 дек – Sputnik. Санкт-Петербургда ўзбекистонлик ҳайдовчи 50 нафар йўловчини қутқариб қолди. Бу ҳақда Spbdnevnik.ru сайти хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, 1 декабрь куни петербургликлар ижтимоий тармоқларга йўловчи автобуси ёнаётгани акс этган видеони жойлаштиришган.
Хабарда салонда 50га яқин йўловчи бўлгани, жабрланганлар ва жароҳат олганлар йўқлиги айтилган. Эллик киши автобусдан ўз вақтида чиқиб кетишга муваффақ бўлган.
Улар ҳайдовчининг тезкор ва тўғри ҳаракатлари туфайли омон қолишди. Ўзбекистонлик 43 ёшли эркак кун қаҳрамонига айланди, у корхонада уч йилдан буён ишлайди, дея маълум қилган “Третий парк” ОАЖ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 211-сонли йўналишдаги автобус ҳайдовчиси “Черная речка” метро бекатидан соат 11:40лар атрофида йўлга чиққан, соат 12лар атрофида эса у автобуснинг орқасида қора тутун пайдо бўлганини кўрган. Эркак “Балтиец” меҳмонхонаси ёнида тўхтаб, бирданига учта эшикни очиб юборган ҳамда ва эвакуация эълон қилган.
“Третий парк” ОАЖ ушбу ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмагани, автобусдан чиқиб кетган йўловчилар кейинги автобусга чиқишганини тасдиқлаган.
Ҳозирда мазкур ҳодиса юзасидан тегишли текширув ишлари ўтказилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳодиса сабабларини аниқлаштиради.