ТОШКЕНТ, 1 дек - Sputnik. Ўзбекистонлик ёш режиссёрлар Маҳлиё Асқаралиеванинг “Совға” ва Шокир Холиқовнинг “Чой” фильми Гонгконгда бўлиб ўтган “DigiCon6 Asia Awards 2019” нуфузли халқаро фестивалнинг совринларига эга чиқишди. Бу ҳақда "Ўзбеккино" миллий агентлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, “Совға” фильми фестивалнинг “Next Generation” номинациясида ғолиб деб топилган ва соврин билан бирга пул мукофоти билан ҳам тақдирланган. Ушбу фильм ёши 25 гача бўлган ёш Осиёлик режиссёрларнинг ишлари орасида биринчи ўринни эгаллади.
“Чой” фильми эса фестивалнинг икки номинациясида соврин олишга эришди. Ушбу асар Осиё минтақасининг аъзо мамлакатлари орасида “Минтақа олтин ғолиби” соврини билан тақдирланди ва нуфузли фестивалнинг Гран-При совринидан кейинги ўринда турадиган совринни ҳам олди.
Таъкидланишича, “DigiCon6 Asia Awards 2019” фестивалида биринчи марта қатнашган ёш ўзбек кино усталарининг фильмлари томошабинлар ва ҳакамларни маҳлиё қилишга эришишган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбек фильмлари илк бор нуфузли халқаро кинофестивалда мукофот учун курашишлари хабар қилинган эди. Фестивал мукофотига Шокир Холиқовнинг “Чой” ва Маҳлиё Асқаралиеванинг “Совға” фильми тақдим этилган эди.