ТОШКЕНТ, 25 ноя – Sputnik. Тошкентда Италия компанияси билан ҳамкорликда йўл белгилари ишлаб чиқарилиши мумкин. Бу ҳақида шаҳар ҳокимлигида хорижий меҳмонлар билан бўлиб ўтган учрашувда маълум бўлди.
Хабарда айтилишига кўра, Италиянинг “SI.SE” компанияси мутахассислари, Тошкент шаҳрида йўлларни тартибга солиш бўйича ўз таклифларини билдиришган. Ўз навбатида ҳокимлик вакллари янги йўл белгиларини айрим ҳудудларда синов тариқасида жорий этишни таклиф қилишган.
Учрашувда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Элбек Шукуров, туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи С.Тожиев, транспорт бошқармаси бошлиғи А.Жўраев ҳамда Италиянинг “SI.SE” компанияси мутасаддилари, Италия-Ўзбекистон савдо палатаси президенти Луиджи Иперти, палатанинг Тошкентдаги вакиллари иштирок этишган.
Маълумот учун, Италиянинг “SI.SE” компанияси йўллардаги ҳаракатни тартибга солиш белгиларини ўрганиш, тайёрлаш ва амалга киритиш бўйича 40 йиллик тажрибага эга. Европа мамлакатлари билан ушбу йўналишда 25 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келмоқда.