ТОШКЕНТ, 25 ноя - Sputnik. Россия “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишга 200 миллион рубль ажратди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков маҳаллийтелеканаллардан бирига берган интервьюсида маълум қилган.
Лойиҳа 2000 йилларнинг бошларида эълон қилинганди, аммо ўша вақтдан бери амалга оширилмаган. Илк ғояга кўра йўл Хитойнинг Синьцзян провинциясидаги Қошғар шаҳридан ўтиб, Қирғистоннинг Норин ва Ўш вилоятлари орқали Ўзбекистоннинг Андижонигача олиб борилиши керак.
Бундай йўналиш бу уч давлатни Туркманистон, Каспий денгизи портлари, Европа ва ҳаттоки Эрон билан боғлаши лозим эди. Унинг умумий узунлиги 268 километрни ташкил этиши керак бўлган.
Аммо иккита тўсқинлик бор эди – молиялаштириш ва темир йўл изи кенглиги: Хитой халқаро, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса совет стандартидан фойдаланади.
Шунингдек, томонлар йўналиш борасида якдил фикрга келишмаган. Ўшанда йўлнинг яна бир варианти ишлаб чиқилган эди. Поездлар Қирғистонннинг Ўш шаҳрига эмас, балки жанубий шаҳри Жалолободга боришини назарда тутарди. Бироқ Қирғизистон ҳукумати бундай йўл мамлакат учун фойдали эмас деб ҳисоблаган эди.
Қирғизистон томони узунроқ бўлган муқобил йўлни таклиф қилган эди. Аммо Ўзбекистон ва Хитой йўл жуда қисқа бўлиши тарафдори эдилар.
Эндиликда Россия барча томонларнинг манфаатлари ҳисобга олган ҳолда темир йўли қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб маблағ ажратди. Яқин келажакда лойиҳа амалга оширилишининг имкониятлари ошди.