ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги "Тадбиркорлик экотизимини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган энг илғор давлат органи" номинациясида ғолиб бўлди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Вазирлик Глобал тадбиркорлик ҳафталиги иштирокчилари ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра ғолиб деб топилган.
Ташаббус стартап, таълим, молия, аёллар тадбиркорлиги, бизнесни масштаблаш ва бизнесни ўстириш, туризм, маркетинг, ахборот ва коммуникация технологиялари ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олди.
Сўров 4 номинация бўйича ўтказилган: 1) Тадбиркорлик экотизимини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган энг илғор давлат органи; 2) Тадбиркорлар учун энг қулай молиявий ечим; 3) Тадбиркорлик экотизимини ривожлантиришга ёрдам кўрсатган энг фаол платформа; 4) Тадбиркорларни тайёрлаш бўйича энг етакчи таълим муассасаси; 5) Энг ёрқин ва истиқболли стартап.
Глобал тадбиркорлик ҳафталиги 12 йилдан бери жаҳоннинг 160 мамлакатида ҳар йили ўтказиб келинади. Унинг вазифаси тадбиркорлик экотизимини яратиш ва қўллаб-қувватлашдан иборатдир.