ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг буйруғи билан раҳбарлик лавозимларига тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Генерал-майор Икромов Азизбек Исроилович Ўзбекистон ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар у мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.
Полковник Раҳматуллаев Аюбхон Тошхўжаевич ички ишлар вазирининг ўринбосари-молия ва моддий техника таъминоти бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. 2018 йил июнидан буён Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари — молия ва моддий техника таъминоти бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Полковник Абдуллаев Бекмурод Тожимирзаевич ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. 2018 йил октябридан Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари — молия ва моддий техника таъминоти бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган эди.
Полковник Саидов Олим Чориқулович ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар у Юнусобод туман ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, унгача — Тошкент вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари ва Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган.
Полковник Улуғбек Муҳамедов Тошпўлатович ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Илгари у президент администрациясида мутасадди ходим бўлиб ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мудофаа вазирлиги тизимида қатор ўзгаришлар амалга оширилгани хабар қилинган эди.