ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Қорақалпоғистон туризмини ривожлантиришга 477 минг евро миқдорида маблағ ажратади.
Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидаги GIZ вакиллари ва Германиянинг “Mas contour” ташкилоти экспертлари билан учрашув вақтида маълум қилинди.
Таъкидланишича, учрашувда Қорақалпоғистон туризм имкониятларидан келиб чиқиб, ҳудудда туризм соҳасида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинган.
“Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида GIZ Қорақалпоғистон туризмини ривожлантиришга 477 минг евро миқдорида маблағ ажратди”, - дейилади қўмита хабарида.
Ушбу лойиҳа доирасида маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотларини диверсификация қилиш, уларни экспортбоп маҳсулотга айтантириш, инфратузилмани яхшилаш, янги туризм маршрутларини очиш, хизматлар сифатини ошириш ва Қорақалпоғистоннинг туризм салоҳиятини хорижий туризм бозорларида тарғиб қилиш ишлари амалга оширилади.
Лойиҳани амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад - Ўзбекистон, жумладан, Қорақалпоғистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризм соҳасидаги хизматлар, маҳсулотлар экспортини ошириш ҳамда маҳаллий аҳоли даромадини кўпайтиришдан иборат.