ТОШКЕНТ, 20 ноя — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркига ташриф буюрди ва паркнинг янги босқич қурилишига тамал тоши қўйди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Технопаркда мутахассислар учун барча қулайликлар яратилган, истиқболли стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган.
Ҳозирда ахборот технологиялари, молия технологиялари, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги илк лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Масалан, АҚШдаги транспорт корхоналарига логистика ҳамда кафе ва пиццерияларга аутсорсинг бўйича технологик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Технопаркнинг бу каби хизматлари арзонлиги, сифати қолишмаслиги билан хорижликларга маъқул бўлмоқда.
“Иқтисодиётимиз барқарорлиги, ҳар бир соҳанинг сифати ва самарадорлиги, аҳолига қулайликлар яратиш ахборот технологиялари билан боғлиқ. Шунинг учун бу соҳага янада кенг имконият, зарур инфратузилма яратиш, мутахассисларни ҳар томонлама рағбатлантириш, қобилиятли ёшларни тарбиялаш керак”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур технопарк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йилнинг 1 январига қадар солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган. Қисқа вақтда унинг резидентлари сони 300 дан ортди.
Соҳа ривожига янада кенг шароит яратиш мақсадида бу ерда яна еттита лотда қурилиш қилиниб, IT-офислар, бизнес маркази, меҳмонхона ва бошқа бинолар барпо этиш режалаштирилган.
Технопаркда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2020 йилда 10 миллион доллардан ортиши, 2025 йилда эса 100 миллион долларга етиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион доллар.