ТОШКЕНТ, 16 ноя - Sputnik. Ўзбекистон Сенат Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Олий Мажлис делегацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблея кенгашида иштирок этади, деб хабар қилмоқда Сенат матбуот-хизмати.
"Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси Кенгаши Раисининг таклифига биноан жорий йил 20-22 ноябрь кунлари Танзила Нарбаева раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси расмий ташриф билан Санкт-Петербург шаҳрида бўлади", - дейилган хабарда.
Ташриф доирасида делегация МДҲ ПА Кенгашининг навбатдаги мажлисида ва МДҲ ПАнинг эллигинчи ялпи мажлисида иштирок этади. Шунингдек ташриф доирасида "Қишлоқ ҳудудларни барқарор ривожлантириш" давра суҳбати мажлиси бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирда қишлоқ ҳудудларни барқарор ривожлантириш, бу соҳада муваффақиятли стратегиялар ва дастурларни амалга ошириш юзасидан тажриба алмашиш масалалари кўриб чиқади.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи бошида Ўзбекистонга расмий ташриф билан Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко ташриф буюрган эди. Ташриф доирасида, Матвиенко, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасидаги ҳамкасблари билан музокаралар ўтказди. Россия парламенти юқори палатаси раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашган эди.
Ўзбекистон 2018 йилнинг ноябрь ойида МДҲ ПА конвенциясини имзолаган. 2019 йилнинг март ойида мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ушбу ҳужжатни ратификация қилган.