ТОШКЕНТ, 14 ноя – Sputnik. Бу сафар Россияда Ўзбекистон парламент сайловлари олдингиларга нисбатан бир неча баробар кенг қамровли бўлади, деди Москвадаги Ўзбекистон Бош консули Мехриддин Хайриддинов Ўзбекистон Олий Мажлис сайловига бағишланган учрашувда, Sputnik мухбири хабарига асосан.
Учрашув "Ёш парламентарийлар ассоциацияси" томонидан ташкил қилинган бўлиб у Москва Мусулмонлар бошқармасига қарашли "ДАР" - маданий марказида бўлиб ўтди. Учрашувда ассоциация раҳбари Кристина Татарникова бошловчилик қилди.
Ўтган сайловда Москвада 5 мингга яқин Ўзбекистон фуқаролари овоз беришган бўлса, бу сафар сайловчилар сони бир неча баробар кўп бўлиши кутилмоқда, - дейди Бош консул.
Биринчидан, бу Россия ҳудудида сайлов участкалари сони ошиши билан боғлиқ. Бу сафарги сайловларда Россиянинг турли ҳудудларида 7та сайлов участкаси очилади: Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Казан, Екатеринбург, Ростов-на-Дону ва Владивосток шаҳарларида.
Иккинчидан, ушбу сайловларда доимий консуллик рўйхатида турмаган, Россияда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳам овоз бериш имконига эга бўлишади. Маълумки, ана шундай фуқаролар сони Россияда жуда кўп. Бунинг учун фуқаролар сайловдан 15 кун олдин http://saylov.mfa.uz/ саҳифасида рўйхатдан ўтишлари керак бўлади холос.
Шунингдек, сайлов комиссияси томонидан Москва ва Москва вилоятида Ўзбекистон фуқароларининг катта гуруҳи ишлайдиган ёки ўқийдиган корхона ва муассасаларда кўчма сайлов қутилари ҳам ташкил қилиниши мумкин. Бу борада Ўзбекистон консулхонаси томонидан йирик қурилиш ташкилотлари ва ўқув муассасалари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Айтиш жоизки айни дамда Россияда жами 30 мингдан ортиқ Ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда.
Сайлов давомида Ўзбекистонда яшайдиган бошқа миллатлар учун ушбу сайловда қандай шароитлар яратилгани ҳақидаги саволга Бош консул қуйидагича жавоб берди.
Ўзбекистон кўп миллатли республика, шунинг учун айрим ҳудудларда ўзбек тилидан бошқа тилда ҳам сайлов бюллетенлари чоп этилиши мумкин. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, маълум бир сайлов округида сайловчилар орасида алоҳида миллат вакиллари кўпчилликни ташкил этса, ушбу округ сайлов комиссияси аризасига биноан сайлов бюллетенлари уларга қулай бўлган тилда чоп этилади. Бугунги кунда шуни аниқ айтиш мумкинки, ушбу парламент сайловида ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилида чоп этилган бюллетенлардан фойдаланилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Вилоят ва туман маҳаллий кенгашлари депутатлари сайлови 2019 йилнинг 22 декабр куни бўлиб ўтади. Сайлов участкалари соат 08:00 дан 20:00га қадар ишлайди.
Хорижда яшаётган ўзбекистонликлар учун 50та давлат ҳудудида жойлашган Ўзбекистон ваколатхоналарида сайлов участкалари очилади. Москвада сайловчилар 1-Казачий кичик кўчаси 11/2 манзилида жойлашган Ўзбекистон консулхонасида овоз беришлари мумкин.