Россия эстрадаси қироли гастролга учиши олдидан, аэропортга кетаётганда ўзининг эски қадрдони концертига келди. Филипп Киркоров Юлдуз Усмоновага гўзал атиргуллардан иборат гулдастани совға қилиб, уни Москвадаги катта концерти билан табриклади.
"У аллақачон профессионал хонанда сифатида шаклланиб бўлган, шу боис, мусиқий парвози давом этишини тилайман, токи мухлислари юзидан табассум ҳеч қачон аримасин. У ҳақиқий муҳаббат куйчиси, унинг ижоди чегара билмайди. Биз ҳаммамиз бир пайтлар катта мамлакатнинг фарзандлари эдик, бироқ янги чегаралардан кейин ҳам мулоқотимизни давом эттириб, мухлисларга қувонч бахшида этишда давом этяпмиз”, - деди Киркоров Sputnik Ўзбекистон мухбирига концерт бошланишидан аввал.
Киркоров ўзи ҳам яқинда Тошкентда концерт бериши ва ўзбекистонлик мухлислар билан яна бир бор учрашишидан мамнунлигини қўшимча қилди.
“Ахир, мухлислар учун чегаралар муҳим эмас, улар учун асосийси, севимли санъаткорлари худди Юлдуз сингари ижобий ҳис-туйғуларни бахшида этиб, улар учун йўл кўрсатувчи юлдуз бўлиб қолишида. Шунинг учун, яна бир бор унга осмонда узоқ ва ёрқин порлашини тилайман”, - деди Киркоров.
Юлдуз Усмонованинг юбилей концерти 13 ноябрь куни "Кроcус Cити Холл"да бўлиб ўтди. Концерт - санъаткорнинг Қозоғистон ва АҚШга уюштириладиган дунё бўйлаб гастрол сафарининг бир қисмидир.