Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Биринчи концерт Садриддин Айний номидаги опера ва балет академик давлат театрида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон делегацияси театрга киришда карнай сурнай садолари остида илиқ кутиб олинди.
Тожик саҳнасида энг узоқ кутилган меҳмон Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев бўлди. Концертда Ғуломжон Ёқубов, Абдуҳошим Исмоилов, Озода Нурсаидова, Юлдуз Турдиева, Умид Исроилов, "Мақом", "Тошкент зеболари" ансамбллари ва бошқа истеъдод эгалари ҳам ўз маҳоратларини намойиш этишди.
Концерт дастуридаги чиқишлар тожик халқининг олқишларига сазовор бўлди.
Қайд этиш жоизки, бу йил Душанбеда Ўзбекистон маданият кунлари доирасида ранг-баранг тадбирлар, мусиқий дастурлар, кўргазмалар, ижодий мулоқотлар, маҳорат сабоқлари, учрашув ва анжуманлар бўлиб ўтмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон ва Тожикистон маданият вазирлари Бахтиёр Сайфуллаев ва Шамсиддин Орумбекзоданинг учрашуви бўлиб ўтди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг асосий мавзуси икки давлатнинг эҳтиёжига кўра, маданият йўналиши бўйича таълим сифатини ошириш, балет ва опера соҳасига тажрибали мутахассисларни жалб қилиш, театр гастролларини ташкил этиш, мақомни тарғиб этиш ҳақида бўлиб, зарур масалалар келишиб олинди.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик артистлар Данғара туманига ташриф буюришни режалаштиришмоқда. У ерда ҳам ўзларининг концерт дастурларини тақдим этишади.
Sputnik Тожикистон фотожамланмасида Душанбедаги Ўзбекистон маданияти кунларининг ёрқин лаҳзаларини томоша қилинг.