ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни жадал ривожлантириш бўйича комиссия ташкил этилди.
Чорвачиликни ривожлантиришдаги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, чорвачилик соҳасига аҳолини кенг жалб қилиш, уларнинг чорвачилик билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш Комиссиянинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.
Қарор билан Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиали қошида Ветеринария техникуми ташкил этилди.
Қарорга кўра, Филиал бакалавриатига 2020/21-2022/23 ўқув йилларида қабул параметрларини шакллантиришда Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларида 5 йил ишлаб бериш шарти билан ушбу туманлар бўйича давлат гранти асосида алоҳида мақсадли қабул кўрсаткичлари назарда тутилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ветеринария соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган ОТМ филиали иш бошлаши ҳақида хабар қилган эдик.