ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов Туркия элчиси Эр Меҳмет Сурайя билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Туркия элчиси 23 сентябрь куни Анқара шаҳрида Ўзбекистон фуқароси Нодира Қодированинг ўлими билан боғлиқ вазиятга тушунтириш олиш таклиф қилинган.
Учрашувда элчи Ўзбекистон фуқароси вафотига олиб келган фожиали воқеа муносабати билан самимий ҳамдардлик билдирган. Элчи ҳозирги пайтда Туркиянинг тегишли идоралари ҳар томонлама ва синчковлик билан тергов ўтказаётганини, ушбу ишга доир барча ҳолатлар ўрганилаётганини айтган.
Шунингдек, элчи тергов объектив олиб борилиши, Ўзбекистон томони эса тезкор ва мунтазам тарзда терговнинг бориши ва натижалари тўғрисида хабардор қилинишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг адолат ва тараққиёт партияси депутати Ширин Уналнинг уйида 1 йилдан бери ишлаб келаётган 23 ёшли ўзбекистонлик Нодира Қодирова ўз жонига қасд қилган эди. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси Нодира Қурбонованинг фожиали ўлими билан боғлиқ вазият ўз назоратида эканлигини маълум қилган. Ширин Унал ўзбекистонлик Нодира Қодированинг ўлими ҳақида бош прокурорга қандай кўрсатма бергани ОАВга маълум бўлган эди.