ТОШКЕНТ, 8 ноя – Sputnik. Ички ишлар вазирлиги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлади.
Унда Ўзбекистон Республикасида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати иштирокчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш ва Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлаш назарда тутилган.
Ҳужжатда айтилишича, 2020 йил январ ойида аҳоли гавжум бўладиган бозорлар, савдо марказлари, автошоҳбекатлар яқинида пиёдалар ер ости ва ер усти ўтиш жойлари ҳамда автотураргоҳлар, шунингдек заруратдан келиб чиққан ҳолда кўп қаватли автотураргоҳларни босқичма-босқич барпо этиш бўйича дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга киритиш тўғрисида вазифалар қайд этилган.
Шунингдек, автомобиль йўлларининг ўтказувчанлигини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Сурхондарё, Навоий, Жиззах, Хоразм ва Сирдарё вилоятида автомобил йўлларн таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича тадбирлар белгиланган.
Бундан ташқари, йўл харитаси лойиҳасида самарадорлиги юқори бўлган нитробуёқни Тошкент шаҳрида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, унга қадар Россияда ишлаб чиқарилган нитробуёқни харид қилиш масаласини ҳал этиш тадбири баён этилган.
Республикада ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати иштирокчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича йўл харитасида жами 12 та тадбир белгиланган.
Ҳужжат лойиҳаси 23 ноябргача муҳокама қилинади.