ТОШКЕНТ, 8 нояб - Sputnik. Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида округ сайлов комиссияси аъзолари иштирокида кузатувчиларнинг сайлов жараёнида тутган ўрни юзасидан семинар-тренинг ташкил этилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази хабар қилади.
Видеалоқа шаклида бўлиб ўтган машғулот Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури вакили халқаро эксперт Георгий Бараташвили иштирокида олиб борилди.
Тадбирда таъкидланишича, Марказий сайлов комиссияси сайлов кампаниясини эълон қилиши билан халқаро ташкилотларга, бир қатор хорижий мамлакатларга сайловни кузатишда иштирок этиш учун Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборган. Уларнинг қаторида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТ парламент ассамблеяси, Мустаққил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси ва Парламентлараро ассамблеяси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, шунингдек 26 та хорижий мамлакатлар сайлов органлари, чет давлатлар парламенти аъзолари, илмий-тадқиқиқот институтлари вакиллари кабилар қайд этилган.
Қатнашчиларга Ўзбекистон Сайлов кодексининг 33-моддасига мувофиқ, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда хорижий кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга эканлиги эслатиб ўтилди.
Таъкидлаш жоиз, Марказий сайлов комиссиясининг янги қарори билан “Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида” Низом қабул қилиниб, республика сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар фаолияти тартиби белгилаб берилган.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга кўра, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар тегишли ҳужжатларни овоз бериш кунидан камида 15 кун олдин ТИВга тақдим этиши лозим бўлиб, вазирлик кузатувчиларнинг ҳужжатларини илова қилган ҳолда МСКга тақдимнома киритади. МСК ўз навбатида 5 кунлик муддатда халқаро кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.