ТОШКЕНТ, 8 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда дарахт кесилиши билан боғлиқ 203 та ноқонуний ҳолат аниқланди. Улардан 154 та ҳолати бўйича эса ўсимлик дунёсига етказилган зарар юзасидан даъво аризалари киритилди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Ҳуқуқбузарлик тўғрисида фуқаролардан маълумот олиш мақсадида шаҳар экология бошқармаси томонидан ташкил этилган “контрол бот”га ўтган уч ой мобайнида 123 та мурожаат келиб тушган.
Ўрганиш натижасида 45 та мурожаат аноним тарзида йўлланганлиги аниқланган. Бундан ташқари 63 мурожаат дарахтларнинг қонунчилик талаблари асосида, 15 таси эса ноқонуний равишда кесилаётганлиги аниқланиб, ушбу хатти-ҳаракатлар юзасидан жами 22,5 млн сўм миқдордаги даъво аризалари келиб тушган.
Бу ҳақда Ўзбекистон президенти 30 октябрда имзоланган фармонида кўтарилган масалалар юзасидан 6 ноябрда ўтказилган брифингда айтиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда дарахт ва буталарни кесиш масалалари тегишли норматив ҳужжатлар билан тартибга солинган. Бунда шаҳар ҳудудий экологик бошқармалари томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида дарахт ва буталарни кесишнинг мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги юзасидан хулосалар тайёрланиб, сўнг маҳаллий ҳокимият органлари томонидан рухсатномалар расмийлаштирилади.
2019 йилда Тошкент шаҳар экология бошқармасига дарахтларни кесиш бўйича жами 32 мингга яқин мурожаатлар йўлланган бўлиб, улардан 4 955 таси жойларда реконструкция ва қурилиш ишларини амалга ошириш билан боғлиқ фаолият юзасидан дарахтларни кесиш тўғрисидаги ижобий хулосалар сифатида расмийлаштирилган.
Дарахтларни бошқа жойга кўчириш вазифаси тадбиркорларга юкланади
Ўзбекистонда реконструкция ёки қурилиш ишлари амалга ошириладиган бўлса, лойиҳада кўзда тутилган ҳудуддаги дарахтларни бошқа ҳудудга кўчириб ўтиш вазифаси бундан манфаатдор бўлган тадбиркор ёки ташкилот зиммасига юкланади.
Дарахтларни бошқа жойга кўчириб ўтказишда Ўзбекистонда ҳозирги кунда мавжуд бўлган 2 та дискавер инвест техникаларидан фойдаланилади. Бу вазифа тадбиркор ёки ташкилот манфаатида бўлганлиги учун шартнома асосида амалга ошириб, ҳудудда нечта дарахт бўлишига қараб, унинг бошқа жойга кўчириб ўтказилишига кетадиган маблағ лойиҳа учун ажратилган маблағ асосида сарфланади.
Шунингдек, брифингда айтилишича, ҳукуматнинг 2019 йил 17 январдаги қарори асосида айни дамда Тошкентда манзилли рўйхат локациялари ишлаб чиқилган бўлиб, бу асосида пойтахтда 53 минг туп дарахтларни экиш кўзда тутилган.