ТОШКЕНТ, 8 нояб - Sputnik. Шу кунларда Ўзбекистонда бўлиб турган Нобель мукофоти лауреати Дан Шехтман республиканинг IT-паркига ташриф буюрди.
Учрашувда Исроил давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Эдуард Шапира, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Азимжон Назаров, IT-парк бош директори Фарҳод Ибрагимов, шунингдек IT-парк стартап жамоалари вакиллари иштирок этди.
IT-парк вакиллари кўплаб хорижий тадбиркорлари Ўзбекистоннинг стартап-бозорига билдираётган қизиқишлари, жалб қилинган инвестициялар, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида ташриф буюрган меҳмонларга гапириб беришди. Шунингдек, IT-парк стартап-жамоалари профессор Дан Шехтманга ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказдилар.
Профессор Дан Шехтман ўз чиқиши давомида ўзбекистонлик ёш олимларга илмий ишланмаларни тижоратлаштириш йўллари тўғрисида батафсил сўзлаб берди.
Сўзининг якунида Нобель совриндори IT-парк вакилларини IT-ташкилотлар ўртасидаги нетворкингни кенгайтириш учун миллий IT-мусобақаларида кенг миқиёсда иштирок этишларига ундаб қолди.