ТОШКЕНТ, 7 ноя - Sputnik. Ўзбекистон Республикасидаги энг катта полигон – Марказий ҳарбий округига қарашли “Каттақўрғон” дала-ўқув майдони фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Sputnik Ўзбекистонга маълум қилди.
Ушбу дала-ўқув майдонининг очилиш маросимида мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов, “Ўзбекистон Қаҳрамони”, Нуроний жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳасан Нормуродов, фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тумандаги мактаб ўқувчи ёшлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тантанали маросимда сўз олган мудофаа вазири дала-ўқув майдони қурилишида жонбозлик кўрсатган ҳарбий хизматчиларга ўзининг самимий миннатдорчилигини билдирди. Бу каби полигонлар мамлакат ҳимояси учун бел боғлаганлар учун малака ва тажриба орттириш майдони бўлишини таъкидлади.
Очилиш маросимидан кейин замонавий дунё талабларига мос келадиган ўқув синфлари, тиббиёт пункти, ётоқхоналар, ошхона, спорт зали, маданият маркази ҳамда жанговар техникалар ва автомобиллар тураржойлари кўздан кечирилди. Аскар ва офицерлар ошхонаси кўздан кечирилаётган паллада унинг бугунги кунда шаҳар марказларида урф бўлган “Миллий таомлар”дан кам эмаслиги алоҳида таъкидланди.
Қайд этилишича, Ўзбекистондаги энг катта полигон чиндан ҳам дунё стандартларига тўла-тўкис жавоб беради. Унда бир вақтнинг ўзида барча турдаги жанговар техникаларни қўллаган ҳолда ўқув-машғулотарини олиб бориш имконияти яратилган.
Ўтказилган амалий ўқув машғулотларида ҳарбий хизматчилар замонавий полигонда яратилган ўқув жойларида билим ва кўникмаларини намойиш қилишди.