ТОШКЕНТ, 7 ноя - Sputnik. Ўзбекистонда жорий йил ўн ойи давомида 4951 нафар фуқароликка эга бўлмаган шахслар фуқароликка қабул қилинган. Шуларнинг 578 нафарига фуқароликка қабул қилишда рад жавоб берилган, деди ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Нодир Зияев. Sputnik Ўзбекистон мухбири хабари асосида.
"Рад жавоби турли сабабларга кўра берилган", - деди умумий қилиб ИИВ вакили.
Зияевга кўра, "рад жавоби берилгани фуқаролик берилиши тўлиқ тўхтатилди, дегани эмас". Зияев рад жавобини олган фуқароларга яна бир йилдан кейин ҳужжат топширишни маслаҳат берди.
ИИВ ахборотига кўра, 1991 йилдан 2007 йилгача Ўзбекистонда 482 нафар шахсга фуқаролик берилган бўлса, шундан сўнг 2016 йил декабр ойигача бирорта шахсга фуқаролик берилмаган.
Аммо эндиликда вазият ўзгармоқда. Хусусан, 2017 йилдан шу бугунгача Ўзбекистон фуқаролигини олган шахслар сони 8 мингдан ошган. "Бу ҳам муҳтарам президентимизнинг ташаббуси билан бўлаяпти", - деб қайд этди ИИВ вакили.
Таъкидланишича, йиллар давомида рад жавоби берилиб келаётган фуқаролар, ҳеч ҳам умидсизликка тушмасликлари муҳим, сабаби, 2017 йилдан шу кунга қадар 30 мингга яқин фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқароликка ҳужжат топширган.
Айни вақтда Ўзбекистонда фуқароликка эга бўлмаган шахслар сони 49 228 нафарни ташкил этади.