ТОШКЕНТ, 7 нояб - Sputnik. Ёшлар ижод саройида куни-кеча Республика сардорлар форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий мажлис сенати матбуот маркази хабар қилади.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси сенати раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Aлишер Саъдуллаев очиб берди.
Қатнашчилар орасида Ёшлар иттифоқи ва Республика “Камалак” болалар ташкилоти фаоллари ҳамда ОAВ ходимлари.
Сенат раиси: Ўзбекистонда рус тилини оммалаштириш ишлари кенг тарғиб этилади
Форум давомида ташкилот сардорларининг фаолияти сарҳисоб қилинди. Ёш сардорлар ўз ҳисоботларида соҳаларидаги ютуқлари, муаммо ва камчиликлар ҳамда келгусидаги мақсадлари хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Олий Мажлис сенати раҳбари республика “Камалак” сардорлар форумида сўзга чиқар экан, ёшларга мурожаат қилиб, уларни депутатлар ва сенаторлар билан бирга қонун ижодкорлиги фаолиятида фаол қатнашишга чақирди.
“Сизнинг фикрларингиз тингланиши, манфаатларингиз ҳисобга олиниши муҳим. Бунинг учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги Ёшлар парламенти фаолиятини тиклашни таклиф қиламан”, – деди Олий Мажлис Сенати Раиси.
Жонли мулоқот сўнгида “Aмир Темур” номли илк голограмма спектакли намойиш этилди.