ТОШКЕНТ, 7 нояб - Sputnik. Шавкат Мирзиёев жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Йиғилишда бефарқ ва масъулиятсиз раҳбарлар кескин танқид қилинди.
Қайд этилишича, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш – 2020” ҳисоботида Ўзбекистон 7 поғонага кўтарилиб, 69-ўринни эгаллади ва дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олган.
Жорий йилнинг ўтган 10 ойида 91 мингта ёки 2018 йилгига нисбатан 2 баробар кўп янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Лекин ҳали соҳа ривожи йўлида қилинадиган ишлар ҳам кўп.
Президент муддатидан олдин солиқ олаётган раҳбарларни танқид қилди
Шу боис бугунги видеоселектор йиғилишида тадбиркорларга ерни онлайн аукцион орқали бериш, мулкни рўйхатдан ўтказиш бўйича идоралараро электрон ахборот алмашинувини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Хорижий тажриба асосида, мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан мустақил ўтказишга масъул алоҳида тузилма ташкил этиш таклифи билдирилди.
“Президент ҳокимлар 50 фоиз иш вақтини янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва ишлаётган тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишга сарфлаши лозимлигини таъкидлаб, жуда кўп раҳбарлар бунга бефарқлик ва масъулиятсизлик билан қараб келаётганини кескин танқид қилди”, - дейилади президент матбуот хабарида.
Хабарда буни бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига келиб тушган 26 мингта мурожаатнинг деярли ярми бевосита туман даражасида ҳал қилиш мумкин бўлса-да, муаммолар жойида ечилмагани учун фуқаролар юқори идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётгани ҳам яққол кўрсатиб тургани айтилган.
Маълум қилинишича, бундай ҳолатлар Самарқанд, Тошкент, Хоразм, Андижон, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида анча юқори.
Мурожаатда тадбиркорлар олдида бундан кейин ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги, ҳудуддаги барча раҳбарлар уларга яқиндан кўмакчи бўлиши, ҳар куни доимий равишда тадбиркорлар масалалари билан шуғулланиши тўғрисида ҳокимлар шахсан кафолат беради.
Таъкидланишича, мурожаатнинг бош мазмуни ҳамма нарса тадбиркор учун эканлигини халққа етказишдан иборат. Шунинг учун мурожаатни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва аҳоли гавжум жойлардаги баннерларда эълон қилиб, унда ҳокимлар, секторлар ва мутасадди идоралар раҳбарларининг телефон рақамлари ҳам кўрсатилиши шартлиги белгиланди.