ТОШКЕНТ, 7 нояб - Sputnik. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкентдаги “Искандархўжа” масжиди имом ноиби Мажидов Муроднинг маърузасидаги Нажмиддин Кубро ҳазратлари билан бўлган ит воқеаси юзасидан Ўзбекистон мусулмонлар идораси расмий сайтида баёнот берилди.
Имом ноиби ўз маърузасида Нажмиддин Кубронинг назари тушган итнинг қабрини айланган инсон қутуриш касаллигидан халос бўлиши тўғрисидаги ривоятни келтирган ва бу воқеа натижада ижтимоий тармоқларда турли баҳсларга сабаб бўлиб келган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари Мажидов Мурод билан мазкур масала юзасидан суҳбат олиб борган ва имом-домла мутасаввиф олимлар асарларида келган воқеаларни баён қилиш асносида ит қабрини айланиш масаласини асоссиз маълумотларга таянган ҳолда нотўғри гапни айтганлигини эътироф этган.
Бу каби нохуш хабарларнинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлар идораси инсон хатосини оммага кенг ёйиш ёки турлича талқин қилиш мўминлик сифати эмаслигини эслатиб ўтди.
"Чин маънода ислоҳ қилишни хоҳлаган одам бировнинг хатосини оммага кўтариб чиқмай, балки ўша одамнинг ўзига айтади", дейилади матнда.
Мусулмонлар идораси диний-маърифий мақола устидан кулган каналларни тарк этишга чақирди
Шу билан бирга баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси имом-домлаларни доимо ҳужжат-далил билан гапиришга ундайди. Зеро, ислом динини тарғиб қилишда асоссиз ривоятларга ҳожат йўқ, дея хулоса қилинади.