ТОШКЕНТ, 6 нояб - Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 6 ноябрда ўтказилган навбатдаги йиғилишида депутатлар «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Ўзбекистонда бугунги кунда 80 дан зиёд йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд.
Депутатлар томонидан волонтёрлик (кўнгиллилик) ижтисоий-иқтисодий, сиёсий тараққиёт бобида катта салоҳиятга эга институт сифатида эътироф этилиб, кўнгиллилик, айниқса, ёшларни жамият ҳаётига фаол киришиш жараёнларига кўмаклашишга, зарур иш тажрибасини тўплашга, меҳнат бозори талаблари бўйича малака ва кўникма ҳосил қилишга, ижтимоий муносабатларда уларнинг фаоллигини оширишга туртки бериши таъкидланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапованинг қайд этишича, «республикада кўнгиллилик фаолияти, тегишли тушунчалар мажмуи ва ушбу фаолиятни амалга ошириш тартиблари мустаҳкамланган, гарчи ушбу фаолият қонун ҳужжати билан тартибга солинмаган бўлса-да, у амалда Ўзбекистонда ривожланиб келмоқда».
Айрим социологик тадқиқотлар натижаларига кўра, қарийб 90 фоиз нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз фаолиятини амалга оширишда кўнгиллилардан унумли фойдаланади. Уларнинг энг фаоллари – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Қизил ярим ой жамияти, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қайд этилди.
«Ўзбекистонда қонуний асосга эга бўлмаса-да, кўнгиллилар фаолияти етарлича ривожланган. Қонунчиликдаги бундай кўринишдаги бўшлиқ турли тоифадаги шахсларга, шунингдек, мамлакат ёшларини мазкур йўналишда давлат сиёсати ва миллий менталитетимизга мос келмайдиган қадриятлар асосида «бирлаштириш»га фаол ҳаракат қилувчи хорижликларга «кенг майдон» яратиб беради. Қолаверса, тегишли қонун ҳужжатлари мажмуининг йўқлиги кўнгиллиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларнинг ижтимоий ҳимояси, муносиб меҳнат шароитларининг кафолатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ННТ ва ОАВ билан ҳамкорлик механизмлари тўғрисидаги масалаларни очиқ қолдирмоқда», дея таъкидлади Л.Кошелапова.
Мазкур қонун лойиҳасинниг қабул қилиниши кўнгиллилик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни қонуний тартибга солади, кўнгиллилик фаолияти тўғрисида ягона қонуний тушунчалар мажмуини шакллантиради, кўнгиллилик фаолиятини янада фаоллаштиришни рағбатлантиради.
Лойиҳа билан Адлия вазирлиги томонидан кўнгиллилар фаолиятини рўйхатга олиш реестри жорий қилиниб, мунтазам равишда янгилаб борилиши, «Кўнгиллилик шартномаси»ни амалиётга жорий қилиниши кўзда тутилган.
Қонун лойиҳаси уч ўқишда қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатига тасдиқлаш учун юборилди.