ТОШКЕНТ, 6 нояб - Sputnik. Асар муаллифи россиялик тарихчи, ёзувчи Фёдор Раззоқов Ўзбекистонга Шароф Рашидов таваллудининг 102 йиллиги арафасида Ўзбекистонга келди. Ташрифи давомида ёзувчи ўзининг “Спасти Рашидова! Андропов против СССР. КГБ играет в футбол” (“Рашидовни қутқариш! Андропов СССРга қарши. КГБ футбол ўйнайди”) асарини тақдимотини ўтказди.
1983 йилнинг апрель ойи охирида сершовқин Москвадан анча олисдаги осойишта Бухорода энг катта раҳбар эмас – маҳаллий ОБХСС бошлиғи қамоққа олинди. Бир қараганда, жуда оддий кўринган бу воқеа катта эврилишларнинг, нафақат Совет Иттифоқини, бутун дунёни ларзага келтирган ўзгаришларнинг муқаддимаси эди.
"Совет иттифоқи Бош котиби Юрий Андропов бошлаган “ҳудудий тозалаш” СССР барбод бўлишига сабабчи бўлган Михаил Горбачёв ва унинг “қайта қурувчилари” ҳокимиятга келишига шароит яратди. Чекистларнинг ҳокимиятни олишдан олдинги юриши машҳур “ўзбеклар иши” деб номланган партаппаратга биринчи катта ҳужумидан бошланганди. Андропов командаси бу курашда ғалаба қилиш учун Москва партаппаратида катта таъсирга эга бўлган Ўзбекистон етакчиси Шароф Рашидовни обрўйсизлантириш ва йўлдан олиб ташлашини режалаштирган эди”, дейилади асарнинг биринчи бобида.
Россиялик ёзувчи нега айнан Ўзбекистон тўғрисида, собиқ тузумдаги сиёсий тўс-тўполонни, бу даврда ўзбек сиёсатчисининг ҳаёт ва меҳнат фаолиятини ёритишни мақсад қилиб олганлигининг сабаблари ҳақида сўралганида, “Ўзбекистон менинг кичик ватаним (биограф отаси асли ўзбекистонлик - таҳр.). Унинг буюк ўғлонлари ҳақида ёзишни бурчим деб биламан”, дея жавоб қайтарди.
2019 йилда Москвадаги “Книжний мир” нашриётида чоп этилган ушбу асарда нафақат Ўзбекистонда ўтган асарнинг охирларида содир бўлган воқеалар, балки дунё геосиёсатида катта ўзгаришлар бошланишининг бадиий публицистик манзара тасвирлаб берилган.
Маълум қилинишича, биография ўзбек тилига таржима қилиниб, яқин кунларда ўзбек тилли китобхонлар эътиборига тақдим этилади.