ТОШКЕНТ, 5 ноя — Sputnik. Россия рус тили майдонини сунъий равишда, ўта қўрслик ва сурбетлик билан қисқартиришга уриниш ҳолатларига тўқнаш келмоқда, деб баёнот қилди Владимир Путин.
Давлат раҳбарининг айтишича, рус тилига нисбатан уруш нафақат "ибтидоий русофоблар", балки агрессив миллатчилар томонидан ҳам эълон қилинмоқда, баъзи бир давлатларда эса рус тилига қарши уруш ҳатто давлат сиёсатига айланган.
"Бунинг ортида — бу аниқ ва равшан бўлиши керак — яна ўша босим турибди, бу инсон ҳуқуқларининг тўғридан-тўғри бузилиши, шу жумладан, она тилига, маданиятга ва тарихий хотирага бўлган ҳуқуқларнинг поймол этилишидир", - деди Путин.
Шу билан бирга, президент, рус тилини кучли қурол деб атамасликка даъват қилди.
"Чунки агар уни қурол деб олсак, у ҳолда тил билан худди қуролга қарши тургандек кураша бошлайдилар. Тилга қарши шундоқ ҳам кураш олиб борилмоқда, фақат бошқа мақсадларда", — деди у рус тили бўйича кенгаши йиғилишида.
Россия етакчиси у ёки бу давлатнинг таъсири бугун қурол билан эмас, иқтисод билан ўлчанишини қўшимча қилди. Путиннинг сўзларига кўра, тилга бўлган эътибор Россиянинг жаҳондаги таъсирига бевосита алоқадор: иқтисод "нафас олишни", мамлакат эса - ривожланишни бошласа, "маданият соҳасидаги ютуқлар ҳам бошқача жилолана бошлайди".
"Бу бўлмас экан - минг урининг, (тилга қизиқиш ҳам) бўлмайди. Агар бизда яна икки-уч Толстой ва тўрт нафар Пушкин пайдо бўлса ҳам. Шунчаки, таржима қилишлари мумкин, холос. Бу юз фоиз... Агар давлат қудратли, кучли, жозибадор бўлса - рус тилини ўрганишади", - деб таъкидлади у.
Президент шунингдек, Россия иқтисодий ҳамкорликни ривожлантираётган барча давлатларда рус тилига эътибор кучайганини пайқаш мумкинлигини қайд этди.
Бундан ташқари, "инструмент"нинг ўзи - тил - "лозим ҳолатда" бўлиши кераклиги, бунинг учун лингвистикага оид ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш зарурлиги, лекин улар инқилобий бўлиши керак эмаслиги, пунктуация ва орфографияни беўхшов соддалаштириб юбормаслиги кераклиги таъкидланди.
Путин Россия зиммасида рус тили ва адабиётини сақлаш, ривожлантириш ва оммалаштириш сингари "улкан масъулият" ётганини қайд этди.