ТОШКЕНТ, 5 ноя – Sputnik. Марказий банк Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилаётган тўловлар ва тўлов тизимлари устидан назоратни кучайтиради. 1 ноябрда эълон қилинган “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида” қонун 2020 йилнинг 1 февралидан кучга киради, Norma.uz хабарига асосан.
Янги қонунга кўра, тўлов тизимларига нисбатан қўйиладиган талаблар кучайтирилади. Хусусан, Марказий банк тўлов тизимлари операторларига лицензия беради ва уларнинг устав капитали миқдорини белгилайди. Ундан ташқари, МБ тўлов операторларини бир йилда бир маротаба текширувдан ўтказади ва йиллик ҳисобот талаб қилади.
Шунингдек, янги қонунда террорчиликка қарши кураш талабларига риоя қилмаган тўлов тизимларига нисбатан қаттиқўл чора-тадбирлар, 1 млрд. сўмгача жарима солиш, фаолиятини чеклаш каби чоралари ҳам назарда тутилган.
Маълумот учун, бугунги кунда исталган хорижий давлатга пул жўнатмалари юбориш имконини берувчи халқаро тўлов тизимлари мавжуд. Афсуски уларнинг имкониятидан террорчилар ҳам кенг фойдаланмоқда. Россияда 2019 йил давомида террорчиларга бир неча миллион рубл жўнатган жиноий гуруҳлар қўлга олинган эди.