ТОШКЕНТ, 1 ноя – Sputnik. ИШИД* ўз етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий ўлдирилганини расман тасдиқлаб, янги етакчи номини маълум қилди. Абу Иброҳим ал-Ҳошими ал-Қурайши ИШИДнинг янги раҳбари бўлди, деб хабар қилди AMAQ нашри.
Бундан ташқари, Ал-Бағдодийнинг ёрдамчиси Абу Ал-Хасан Ал-Махажир ҳам ўлдирилганлиги маълум қилинди.
Ўтган ҳафтада АҚШ президенти Дональд Трамп “Ислом давлати” террорчилик ташкилоти етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий йўқ қилинганини маълум қилганди.
Трампнинг сўзларига қараганда, террорчи АҚШнинг Сурия шимолий-шарқидаги операцияси натижасида йўқ қилинган. Америкалик ҳарбийлардан ҳеч ким жабрланмаган.
Шунингдек, Трамп махсус амалиётнинг тафсилотларини очиқлаган. Маълум бўлишича, “ИШИД” раҳбари ҳарбийлардан ер остидаги туннелда яширинишга уринган ва ўзини портлатиб юборган. Натижада кўплаб террорчилар йўқ қилинган. Ҳарбийлар 11 нафар болани озод қилишгани айтган.
Россия Мудофаа вазирлиги Москвада ушбу террорчи йўқ қилингани ҳақидаги хабарларни тасдиқлаш учун ишончли далиллар йўқлигини таъкидлаган эди.
* Россияда тақиқланган террорчилик ташкилот