ТОШКЕНТ, 30 окт – Sputnik. Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов Озарбайжон мудофаа вазири генерал-полковник Закир Гасанов билан икки томонлама учрашув ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, учрашув давомида ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.
“Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон мудофаа идоралари раҳбарлари 2020 йилга мўлжалланган икки давлат Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий ҳамкорлик режасини имзоладилар”, - дейилади хабарда.
30 октябрь куни Боку шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.
Унда Россия Федерацияси, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаларининг мудофаа идоралари раҳбарлари иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон мудофаа вазири раҳбарлигидаги ҳарбий делегация МДҲга аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Озарбайжонга жўнаб кетгани ҳақида хабар қилган эдик.