ТОШКЕНТ, 30 окт - Sputnik. Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Ўзбекистон ва Тожикистонга расмий ташриф билан келади, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
"Николай Патрушев 30 октябрь куни Душанбеда ва 31 октябрь Тошкентда хавфсизлик кенгаши аппаратлари линиялари бўйича Россия-Тожикистон ва Россия-Ўзбекистон маслаҳатлашувларни ўтказади", - дейилади хабарда.
Патрушев сафарининг бош мақсади хавфсизлик кенгашлари линияси бўйича қатор маслаҳатлашувларни ўтказишдан иборат.
Таъкидланишича, РФ Хавфсизлик кенгаши котиби ҳамкасблари билан Афғонистон билан чегарадаги вазиятни муҳокама қилади. Охирги марта бу каби учрашув Бишкекда ШҲТ саммитида бўлиб ўтган. РФ ва Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиблари икки мамлакат аппаратлари ўртасидаги 2018-2019 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси муваффақиятли амалга оширилаётганини тасдиқлаган эдилар. Томонлар шунингдек, Россия-Ўзбекистон муносабатлари, хусусан, халқаро ва регионал майдонлардаги ҳамкорликни муҳокама қилишган эди.