ТОШКЕНТ, 29 окт - Sputnik. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Корея энергетика агентлиги ва SK Engineering & Construction компанияси ўртасида Муборак иссиқлик электр станциясини модернизациялаш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича Англашув меморандуми имзоланди, деб хабар қилади ташкилот матбуот хизмати.
Ҳужжат ўзбек делегациясининг Сеулдаги Қайта тикланувчи энергия манбалари саккизинчи халқаро конференциясидаги иштироки доирасида имзоланди.
Унга кўра, корея томони Муборак ИЭСда қазиш, инвестиция ва молиялаштириш ишларини бажаришга, шунингдек, станциянинг келгуси бошқарувини давлат-хусусий шерикчилик шарти асосида амалга оширишга тайёрлигини билдирган.
Маълумот учун: SK Engineering & Construction компанияси Корея Республикасида йиллик капитал айланмаси 213 млрд АҚШ долларини ташкил қилувчи ва 2018 йил якунига кўра, 23,8 млрд АҚШ долларида соф фойдага эга бўлган, ҳажм жиҳатдан энг йирик учинчи компания ҳисобланадиган SK Group таркибига киради.