ТОШКЕНТ, 28 окт - Sputnik. “Korean and migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖга берилган лицензия тўхтатилди.
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабарида қайд этилишича, агентлик фуқароларни Кореяга ишга жойлаштириш юзасидан улар билан шартнома имзолаган. Бироқ вазирликка агентлик фуқаролар олдидаги мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажармагани тўғрисида кўплаб норозилик мазмунидаги мурожаатлар келиб тушган.
Вазирлик Ўзбекистон фуқароларининг Кореядаги вақтинчалик меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш икки давлат Меҳнат вазирлиги томонидан имзоланган англашув меморандуми асосида амалга оширилишини эслатиб ўтган.
Унга кўра, Е9 виза билан фуқароларни Корея Республикасига ишга жойлаштириш ваколати фақат Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги зиммасига юклатилган. Корея Республикасида ишга жойлаштириш хусусий бандлик агентликлари ваколатига кирмайди.
Таъкидланишича, мазкур хусусий бандлик агентлигидан жабр кўрганлар ИИББга мурожаат қилишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вазирлик фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланаётган “Human xususiy bandlik agentligi” лицензиясини тўхтатгани хабар қилинган эди. Агентлик директори Ш.Ф.га нисбатан катта миқдордаги фирибгарлик факти бўйича жиноий иш қўзғатилган. Дастлабки маълумотларга кўра, агентлик фуқароларни 1,67 миллиард сўмга чув туширган.