ТОШКЕНТ, 26 окт - Sputnik. "Ўзбеккўмир" компаниясини ривожлантириш режалари ўзгарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари миллий базаси сайтида эълон қилинган президент қарорида айтиб ўтилган.
Россия компанияси ҳисобланмиш "ПрогрессГорТех" МЧЖ "Ўзбеккўмир"ни ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси"га қўшилган эди.
"ПрогрессГорТех" МЧЖ "Ўзбеккўмир" АЖ устав капиталидаги 45 % акциялари пакетининг ишончли бошқарувчиси сифатида жалб этилиши режалаштирилган эди.
Ўзбекистон раҳбарининг 24 октябрдаги қарори билан 2019 йил 7 мартдаги "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятини бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарорининг ишончли бошқарув билан боғлиқ барча қоидалари ўз кучини йўқотган, деб топилди.
Компания номи қарордан олиб ташланган. Энди ҳужжатда "ишончли бошқарувчи" деган ном киритилган. Тасдиқланган "йўл харитаси" ҳам ўз кучини йўқотган.