ТОШКЕНТ, 26 окт - Sputnik. Қашқадарёда тўрт сектор раҳбарлари расман ишдан олинди, деб хабар қилди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов.
Сал олдин бугун, 26 октябрь куни Қашқадарё вилояти раҳбариятининг "тўртлиги" тўлиқ ёки қисман ишдан олиниши ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Сўнгги хабарларга кўра, халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилган ва Зойир Мирзаев Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Ўзбекистон Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Эркабай Таджиев Қашқадарё вилояти прокурори этиб тайинланган.
Шуҳрат Сотиболдиев вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Азамат Бозоров эса вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллаган.
Шунингдек, бир қатор туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам ишдан олиинганлиги айтилмоқда.
Жумладан, халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Қарши шаҳри, Чироқчи ва Миришкор туманлари ҳокимлари масъулиятсизлиги сабаб, шунингдек, Китоб туман ҳокими соғлиги ёмонлашганлиги сабаб ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилган.