ТОШКЕНТ, 25 окт – Sputnik. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Қўшилмаслик ҳаракати саммити давомида иқтисод соҳасидаги сунъий тўсиқларга қарши чиқди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
Қўшилмаслик ҳаракати ўн саккизинчи саммити жума куни Озарбайжон пойтахтида очилди. Ташкилотга ҳарбий блокларда иштирок этишдан воз кечган 120та давлат аъзо.
"Қўшилмаслик ҳаракати аъзо-давлатлари иқтисодий соҳадаги қонуний ҳуқуқларини илгари суришлари, иқтисодий суверенитет учун олға қадам ташлашлари ҳамда ҳақ-ҳуқуқни секлаш ва сунъий тўсиқларга қатъий қарши чиқишлари лозим. Халқаро терроризмга қарши таъсирчан кураш эса бош вазифалардан бири саналади", - деди Бердимуҳаммедов Бокуда ташкилот саммитида сўзлаган нутқида.
Унга кўра, Туркманистон БМТнинг глобал аксилтеррор стратегияси ҳаётга татбиқ этилиши тарафдори.
"Бу каби стратегия ҳар жойда - жаҳон, регионал ва миллий даражада амалга оширилмоғи лозим. Чинакам терроризм таҳдидига дуч келаётган Ҳаракат аъзолари учун эса бу вазифа жуда долзарбдир", - деб қўшимча қилди Туркманистон президенти.
Қўшилмаслик ҳаракати совуқ уруш йиллари давомида Белград конференциясида 1961 йилнинг сентябрида ташкил топган - унга НАТО ёки Варшава шартномасига киришни хоҳламаган давлатлар, жумладан, Югославия, Ҳиндистон ва Миср кирган. Бугунги кунда Қўшилмаслик ҳаракати ҳарбий блокларга қўшилишдан воз кечган 120 мамлакатни ўзида бирлаштиради. 17 давлат ва 10та халқаро ташкилот ташкилот қошида кузатувчи мақомига эга.