ТОШКЕНТ, 24 окт - Sputnik. Россиялик шарҳловчи Геннадий Орлов Элдор Шомуродов ўйинига нисбатан билдирган шарҳи юзасидан Sputnik Ўзбекистон учун махсус изоҳ берди.
Г.Орлов сўзларига қараганда, у бор-йўғи ўзбекистонликнинг футболдаги идроки ва заковати ҳақида гапирган эди.
“Мен унинг иқтидорли футболист эканлигини назарда тутгандим. “Ўзбек” деганда, табиийки, мен ўзбек футбол мактабини кўзда тутдим”, - дейди шарҳловчи.
Собиқ иттифоқ даврида ўзбек футбол мактаби ниҳоятда кучли ўйинчиларни тайёрлар эди, дея эслайди у. Улар иттифоқнинг олимпия терма жамоаси таркибида ҳам иштирок этарди. Ҳозирда эса, бундай тажриба, албатта, йўқ.
Шарҳловчи Шомуродовнинг футболдаги кўникмалари билан таъсирланиши ва улардан завқ олиши ҳақида ҳам айтиб ўтди. Орлов сўзларига қараганда, ўзбекистонлик ўйинчи фақат тажрибали форвардларга хос малака ва кўникмаларга эга.
“Элдор тажрибали футболчиларгагина хос уддабуронликка эга. У оригинал ўйинчи, айнан шунинг учун ҳам ўнта тўп кирита олган”, - қўшимча қилди шарҳловчи.
Суҳбатдош кўпчилик футбол ишқибозларининг унинг қилган шарҳига нисбатан изоҳлари билан аччиқлангандек бўлди. У футболдаги ақл-идрок, заковат ҳақида гапирганини ва бу ерда миллатнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаб ўтди.
“Бу алоҳида олинган тоифа футболчилари. Бутунлай бошқача тафаккур, ўйин майдонини кўра олиш қобилияти. Мен ўзбекларни русларга қарама-қарши қўйганим йўқ. Бу қандайдир сафсата”, - деди Орлов.
Элдор Шомуродов – Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинчиси ва “Ростов” футбол клуби форварди. У 13 та матчда 10 та тўп киритиш орқали Россия премьер-лигасида энг яхши бомбардирлар рўйхатида “Крылья Советов” ҳужумчиси Александр Соболев билан биргаликда биринчи ўринни эгаллайди.