ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Санкт-Петербургда оммавий рейдлар ўтказилди, деб хабар бермоқда Sputnik Тожикистон нашри.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар текширув давомида мигрантлар тўпланадиган 15га яқин жойларда бўлишган, шу жумладан, "Народный" универсамида, Сенной ва Апраксин бозорларида.
Операцияга жами икки юзга яқин ИИВ ва Росгвардия ходимлари жалб этилган.
Регионал ОАВ хабарларига кўра, рейд давомида юзлаб чет элликлар қўлга олинган. Уларнинг бир қисми Россияда ноқонуний бўлиб турган, яна бир қисмининг ҳужжатлар ва прописка масалалаларида муаммолари бўлган, яна бир қисми тергов тадбирлари учун қўлга олинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари шаҳарда юз берган ва икки нафар тожикистонлик мигрант жароҳатланган қуролли можарога шу тариқа муносабат билдирмоқда.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида можаронинг 12 иштирокчиси қўлга олинган, терговчилар яна 40 нафар кишини қидирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 14 октябрь куни Апраксин бозорига яқин уйлардан бирида оммавий муштлашув юз берган: гувоҳлар полицияга можаро иштирокчилари қуролланганлиги ҳақида хабар беришган, ҳатто ўқ овозлари эшитилган.
Дастлабки версияга кўра, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган мигрантлар диаспораси ўртасида маиший сабаблар туфайли жанжал рўй берган.
Ҳодисадан сўнг, ҳуқуқ-тартибот органлари мигрантлар яшайдиган қатор манзиллар бўйлаб қидирув ишларини ўтказганлар.