Ўзбекистон кубоги турнирида муштлашган ҳакамлар тренерликдан четлаштирилди

Oбуна бўлиш
16 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги мусобақасида ҳакамлар ўртасида мусобақа якуний натижаси юзасидан ўзаро тортишув келиб чиққан

ТОШКЕНТ, 18 окт - Sputnik. Тошкент шаҳридаги "Универсал" спорт саройида бўлиб ўтган карате бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақасида ўзаро муштлашган ҳакамларга қатъий жазо чоралари қўлланилди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Справа - Амит (Индия), Шахобид Зотров (Узбекистан) победивший в финале по боксу в весовой категории до 52 кг на ХХ чемпионате мира по боксу в Екатеринбурге. - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон бокс жамоаси яна бир бор дунёда биринчи бўлди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, мусобақа ҳаками Азизбек Бўриев, Тошкент вилояти "Чемпион" карате спорт клуби тренери Дилшод Юсупов ҳамда Сурхондарё вилояти карате миллий федерацияси тренери Абдулазиз Исматуллаевлар ўртасида мусобақа якуний натижаси юзасидан ўзаро тортишув келиб чиққан.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда катта жанжал юз бергани, тартибсизлик юзага келгани акс эттирилган.

Видеони суратга олган шахс ҳакамлар бир-бирларининг юзларига зарба бериши оқибатида, уларнинг бурунлари қонаб кетганлигини айтиб ўтади.

Спорт вазирлиги расмий ахборотига кўра, мазкур келишмовчилик оқибатида бирон бир шахс тан жароҳати олмаган. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон карате миллий федерацияси раёсати юқоридаги спорт мутахассисларига нисбатан хизмат текшируви тайинлади.

Текширув якуни юзасидан Ўзбекистон карате миллий федерацияси ҳаками Бўриев А.Э.ни икки йилга ҳакамлик иш фаолиятидан четлаштириш, Сурхондарё вилоят карате миллий федерацияси тренери Исматуллаев А.И.ни уч йилга ва Тошкент вилояти “Чемпион” карате спорт клуби тренери Юсупов Д.М.ни икки йилга тренерлик фаолиятидан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Мусобақа бош ҳаками Қорабоев Қосимжон Ҳошимовичга эса ҳайфсан эълон қилинди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мазкур ҳолат иштирокчиси, карате бўйича Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси катта тренери ҳамда олий тоифали тренер Бўриев Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Спорт терма жамоалари тўғрисидаги низомга кўра маънавий-ахлоқий ва бошқа нормаларни бузганлиги сабабли миллий терма жамоа таркибидан чиқарилди.

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олган.

Янгиликлар лентаси
0